Бош прокуратура ижтимоий тармоққа чиқиб кетган хат юзасидан текширув бошлади HD

23.06.2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси 20 июн куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Урганч туман прокурорининг 10 хил дори маҳсулотларини сотувга чиқармаслик тўғрисида “Хоразм дори-дармон” ширкати ҳамда Урганч тумани тиббиёт бирлашмасига йўллаган хати юзасидан изоҳ берди. "Хатнинг мазмуни янглиш ифодаланганлиги сабабли, у ҳозирда юридик кучга эга эмас", - дейилади Бош прокуратура расмий изоҳида. Хатда қайд этилган дори воситаларини сотувдан олиб ташлаш бўйича эса ҳеч қандай чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Ўзбекистон бош прокуратураси интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган нотўғри ахборот учун Хоразм вилоят прокуратураси фуқаролардан узр сўрашини маълум қилди. "Урганч туман прокурори Д.Мадиримовга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда ва натижаларига кўра унга нисбатан тегишли чора кўрилади", - дейилади Ўзбекистон бош прокуратураси билдирувида.​ Урганч туман прокурори Д.Мадиримовнинг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва “Хоразм дори-дармон” МЧЖ раиси номига айрим дори воситаларни сотувдан олиб ташлаш чораларини кўриш тўғрисида йўллаган топшириқ хатининг тасвири 20 июн куни ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуотда тарқалган эди. Хоразм вилояти Урганч тумани прокурори Д.Мадримов имзоси билан 18 июнь кунги “Хоразм дори-дармон” ширкати ҳамда Урганч тумани тиббиёт бирлашмасига йўлланган огоҳлантирув хати нусхасида 10 хилдаги дори воситаларини сотишни тақиқлашга қўшни Қозоғистонда 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган 12 та боланинг дори воситалари келтириб чиқарган аллергик реакция натижасида ҳалок бўлгани сабаб сифатида келтирилган.

Похожие видео