Ўзбекистон: Бош Прокуратура Гулнора Каримова пулларини қайтаришда шаффофликни таъминламоқчи
Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова томонидан прокуратура келишувга амал қилмаяпти, деган иддаони жавобсиз қолдирди. Прокуратурага кўра, Каримованинг хориждаги пулларини қайтаришдаги шаффофлик таъминланади. Имон Каримова ўзининг Instagram даги саҳифасида онаси Гулнора Каримовага алоқадор "ҳужжатлар" борлигини маълум қилди. Уларда 2018 йилда Бош прокуратура қошидаги коррупцияга қарши кураш бўлминмасининг ўша пайтдаги бошлиғи Шавкат Умурзоқов воситачилигида Каримовага таклиф қилинган ҳамкорлик эвазига озодлик ҳақида гап боради. Имон Каримова бу ҳамкорлик негадир тўхтаб қолганини айтган. Кейинчалик ваъда бажарилмаган. Би-би-сининг нима сабабдан Гулнора Каримова билан ҳамкорлик тўхтаб қолган, деган саволига Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова шундай жавоб берди: "Кеча Имон Каримова томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилган маълумотлар дедингиз, ҳужжатлар дедингиз мен бу фикрингизга тўлиқ қўшила олмайман. Чунки Гулнора Каримованинг қариндошлари томонидан, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида баён қилинган фикрлари ҳужжат аҳамиятига эга эмас. Агарда бу борада қариндошлари томонидан расмий мурожаат билан мурожаат қилинса ва бу борада фикрларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилса, уларга бу борада конструктив жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳар бир ўз позициясини мустақил билдириш мумкин бўлган қариндошларининг ижтимоий тармоқдаги ҳар бир фикрига Бош прокуратура ўзининг муносабати ёки шарҳини беришга мажбур эмас, деб ўйлайман". Сурайё Раҳмоновага кўра, Каримовага тегишли хориждаги пулларни Ўзбекистонга қайтариш ишлари ҳамкорликда олиб бориляпти. "Бу қайтариш жараёнининг ўз талаб ва мезонлари бор. Сиз айтган шаффофлик талаблари ҳам ва уларни келганидан кейин йўналтириш масаласи ҳам барчаси Ўзбекистон олдига қўйилган ва ўзаро талаб асосида амалга оширилади. Албатта ўз вақти билан активлар қайтарилганидан кейин, албатта жамоатчиликка бу активларни қайтарилиши юзасидан суммалари ва уларни қаерга йўналтирганлиги юзасидан тўлиқ батафсил маълумот берилади", дейди Бош прокуратура матбуот котиби. Имон Каримованинг Instagram саҳифасида чоп қилинган ва 24 соат турган маълумотларда айтилишича, 2018 йилда колонияда сақланаётган Гулнора Каримова билан музокаралар бошланган. Уни Бош прокуратура қошидаги коррупцияга қарши курашиш бўлими раҳбари Шавкат Умурзоқов ва унинг ёрдамчиси Мурад Ҳакимов олиб боргани айтилади. Хабарда иддао қилинишича, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон томони Каримова билан музокараларни шунчаки вақтдан ютиш учун олиб бораётгани маълум бўлган. Шу йилнинг март ойи бошида Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўзига тайинланган жазони ўташ шартларини бузгани учун уй қамоғидан умумий тартибли колонияга кўчирилгани маълум бўлганди.