Адвокат ва ИИВ мулозими: 19 июнга Тоштурмада Гулнора Каримова устидан яна бир маҳкама белгиланди HD
Ички ишлар ва адлия тизими мулозимларининг Озодликка билдиришича¸ 19 июнь куни Тошкент шаҳар 1-сонли тергов изоляторида (янги Тоштурма) Ўзбекистон Биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан яна бир ëпиқ маҳкама ўтказилиши белгиланган. Шу муносабат билан бу муассасада ўтказилиши режалаштирилган бошқа маҳкама жараëнлари бошқа кунга қолдирилган. Норасмий маълумотга кўра¸ маҳкамада жорий йилнинг 18 март куни Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова устидан чиқарилган ҳукм устидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилиши белгиланган. Айтилишича¸ қонунчиликка кўра¸ апелляция берилганидан сўнг бир ой ичида ўтказилиши лозим бўлган бу маҳкама, карантин боис, икки ой кечикиб ўтказилмоқда. 18 март кунги суд Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб¸ унга 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлаган эди. Ушбу ҳукм кучда қолса¸ Гулнора Каримова 2029 йилга қадар қамоқда қолади. Ўзбекистон Олий суди Матбуот хизмати 19 июнь куни Гулнора Каримова устидан яна бир маҳкама белгилангани ҳақидаги хабарни на инкор қилди ва на тасдиқлади. Ҳозирча Озодликнинг бу хабар бўйича юборган саволлари жавобсиз қолмоқда. 19 июнга белгиланган ëпиқ суд Озодликка ички ишлар тизимида ишловчи мулозимнинг шахси сир қолиш шарти билан билдиришича¸ 2020 йилнинг 19 июнь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Тошкент шаҳар 1-сонли тергов изоляторида ўтиши белгиланган бошқа суд жараëнлари 18 июнь кечқурун бекор қилинган. “Эрталабки соат 10 га Гулнора Каримованинг суди белгилангани учун бошқа ишлар қолдирилди. Карантин туфайли жиноят ишлари бўйича аксар ишларни кўриб чиқиш 1 августгача қолдирилган. Қолдирилмаганлари¸ Тоштурманинг ўзида бўляпти¸ судьялар шу ерга келиб¸ суд ўтказаяпти. 18 мартдан бери Гулнора Каримова Тоштурмада сақланаяпти¸ карантин туфайли этап қилишлар ҳам тўхтатилган”¸ деди ИИВдаги мулозим. Озодлик боғланган тошкентлик адвокатлардан бири ҳам 19 июнь куни ўз мижозлари устидан ўтказилиши белгиланган суд мажлисининг охирги соатларда кечиктирилганини тасдиқлади. “Кеча кечқурун суддан телефон қилиб¸ 19 июнь кунги ишлар бошқа кунга қолдирилганини айтишди. Суддагилар Тоштурмада Гулнора Каримова устидан суд бўлади¸ шунга деб очиқ айтишди. Турма катта¸ лекин суд ўтказиладиган зали кўпмас¸ каттароқ зали битта¸ билишимча. Хавфсизлик чоралари¸ овоза бўлмаслиги учун ҳам бизникини қолдиришди¸ шекилли”¸ деди номи очиқланишини истамаган адвокат. Норасмий маълумотларга кўра¸ Гулнора Каримовага Ўзбекистон ҳукумати томонидан тайинланган адвокатлар 18 март кунги ҳукм устидан апелляция шикояти киритган¸ лекин уни кўриб чиқиш карантин даврига тўғри келгани учун¸ қонунчиликда белгиланган бир ойдан кечиккан.