Uzbek Ҳуқуқ фаоли Марат Зоҳидов устидан суд бошланди HD
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида 8 сентябрь куни Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов устидан маҳкама жараёни бошланди. Қўмита раиси ва яна бир ҳуқуқ фаоли қалбаки ҳужжатлар, штамплар тайёрлаш ва уларни сотишда айбланмоқда. Маҳкамада фуқаровий даъвогар сифатида қатнашаётган адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, Марат Зоҳидов ва ҳуқуқ фаоли Солихўжа Довудхўжаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 227 ва 228-моддаларининг 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбланмоқда. Марат Зоҳидов судга келмади¸ деган асосда маҳкама 16 сентябрга қолдирилган ва Зоҳидовни мажбуран навбатдаги суд мажлисига олиб келиш ҳақида суд ажрим чиқарган. 2013 йилнинг 12 февралида Марат Зоҳидов етакчилик қилган Ўзбекистон Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг йиғилиши ўтказилган ва адвокат Руҳиддин Комилов қўмита раиси этиб сайланган эди. Марат Зоҳидов бу йиғилишнинг легитим ўтказилмаганини айтиб, унинг қарорини тан олмаган. Руҳиддин Комилов даъвосича, йиғилиш қарори Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан тан олингани ва тегишли суд қарорига қарамай Марат Зоҳидов қўмита штамп ва муҳрини топширишдан бош тортган.