МХХ полковниги Нодир Тўрақулов 16 йилга қамалди HD
7 январь куни Озодликка маълум бўлишича, МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов 2018 йилнинг 25 октябрида 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 81 миллион 92 минг сўм жаримага тортилган. Ҳозирда Тўрақулов устидан очилган иккинчи жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда. Биринчи иш: Тўрақуловга 16 йиллик қамоқ Собиқ МХХ (жорий номи ДХХ - Давлат хавфсизлик хизмати) полковниги Тўрақуловнинг 16 йилга қамалгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суд Ҳарбий ҳайъати ҳукми билан танишган, суд жараёнида жабрланувчи сифатида қатнашган манба Озодликка маълум қилди. Тўрақулов иши бўйича жабрланувчи сифатида маҳкамада иштирок этган сурхондарёлик бу йигитнинг айтишича, суд Нодир Тўрақуловни 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Нодир Тўрақулов иши бўйича ўтган маҳкама тафсилотларидан яхши хабардор ҳуқуқшунос ҳам собиқ полковникка нисбатан суд ҳукми чиққанини тасдиқлади. “Тўрақулов иши бўйича биринчи эпизод якунланиб, суд ҳукми чиқди. Ҳозирда иккинчи эпизод бўйича тергов кетаяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз ҳуқуқшунос. Нодир Тўрақулов иши бўйича гувоҳлар ва жабрланувчилар билан суҳбатлашган "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам собиқ полковник судига оид тафсилотлардан хабардорлигини айтади. - Полковник Тўрақулов Нодир Дилмуродовичга нисбатан Олий суд ҳарбий ҳайъатининг 2018 йил 25 октябрда ҳукми чиққан. Суд ҳукмига кўра, Нодир Тўрақулов Жиноят кодексининг мансаб доирасидан чиқиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш, фирибгарлик, товламачилик сингари 10 дан ортиқ моддалари билан айбдор деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бундан ташқари у энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида жаримага тортилган,- дейди Абдураҳмон Ташанов.