МХХнинг Марказий банкдаги собиқ куратори Алишер Акмалов озодликка чиқарилди HD
Ўзбекистон Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Алишер Акмалов ўтган ой озодликка чиққан ва ҳозирда ўзининг Луначарский марказидаги ҳовлисида яшамоқда. Бу ҳақда Озодликка Алишер Акмаловни бевосита кўрган ва унинг иши тафсилотларидан хабардор тошкентлик бир неча мулозим хабар қилди. Ўзбекистон Бош прокуратураси Алишер Акмалов билан боғлиқ сўнгги янгилик юзасидан Озодлик саволига “мазкур ишнинг махфий тарзда тергов қилингани боис¸ унга оид маълумот берилмаслигини” билдириш билан чекланди. Ўзбекистон Марказий банкида 25 йил давомида МХХ куратори¸ ходимлар тили билан айтганда¸ “режим бошлиғи” бўлган 56 яшар Алишер Акмаловнинг 2018 йил март ойида ҳибсга олингани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб хабар тарқатган эди. “Маҳаллада юрипти...” Алишер Акмаловнинг озодликка чиққани ҳақида Озодликка хабар қилган тошкентликлардан бири¸ уни янги йил арафасида маҳалласида ўз кўзи билан кўрганини айтди. “Конвертация қироли” ҳозир яна юрипти очиқда. Конторский эди¸ (Нодир) Тўрақулов ва Ҳаëт (Шарифхўжаев – иккаласи ҳам юқори даражали МХХ собиқ амалдорлари – таҳр.) иши бўйича қамоққа олишганди. Камида 200 миллион доллар тўлади¸ дейишаяпти. Лондондаги квартираси ва Ригадаги ҳовлисини зарарни қоплаш учун давлатга ўтказиб берганмиш. Пул тўлаган¸ лекин қанча тўлаганини аниқ айтиш қийин”. Миллий хавфсизлик хизматининг Ўзбекистон банк системаси устидан назоратини амалга ошириб келган асосий мулозими бўлган Алишер Акмаловнинг 2018 йил декабрида озодликка чиқарилганини Марказий банк мулозимларидан бири ҳам тасдиқлади. “Акмалов уйига қайтипти. Гўёки президентнинг ўзи қўйворинглар¸ деб айтганмиш. Президент номини сотмаяптимикин¸ деб ўйлаяпман. Ҳали суд тугамай туриб¸ уйига чиқиши жуда қизиқ. Тахминларга кўра¸ бир неча юз миллион долларлик катта гаров эвазига чиққан. Лекин Марказий банк берган камтар ойлик билан бунча бойликни йиғиш - ақлга сиғмайди”¸ дейди Марказий банкнинг Алишер Акмалов билан бирга ишлаган мулозимларидан бири шахси очиқланмаслигини сўраб.