Uzbek Қўшиқчи Гугуш Озодлик меҳмони HD
Прагага концерт дастури билан келган Гугушнинг Озодлик радиосини ҳам зиëрат қилиши ҳақидаги хабарни радионинг форс тилидаги Фардо радиоси журналистлари ошиғич эҳтирос билан бизга билдиришди. Радио биносига Фардо радиоси журналистлари қуршовида кириб келган Гугуш хоним энг аввало Озодлик радиоси ўзбек хизмати журналистлари билан учрашди. Бўғирсоқ шаклида қавилган жигар ранг юмшоқ чарм камзул ва айни чармдан бўлган шляпа кийиб олган Гугуш 62 ëшга кирганига қарамасдан тетик ва ўктам кўринди. Гугуш хонимга берган илк саволимиз сиз Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ўзига Гугуша деб таxаллус қўйиб олганидан хабардормисиз, дея сўрадик. - Xабарим бор. Лос-Анжелесда Гугуша деган ëзув улкан баннер тарзида турганини кўрдим. Мени таниганлар сен концерт бермоқчимисан деб сўрашди. Мен эса бош чайқадим, деди Гугуш. Бу гаплардан сўнг Гугуш ҳазил оҳангида, "унга (Гулнорага демоқчи) айтиб қўйинглар мен уни судга тортишим мумкин", деди. Гугуш билан мулоқот чоғида ҳамкасбим Ҳасанжон¸ ўзбекистонликлар Совет даврида темир парда ортида яшаган пайтда сизнинг қўшиқларингизни севиб тинглашган деди. Бунга жавобан Гугуш "мен ўзбекистонликларни севаман уларга менинг қутловларимни етказинг¸ Гулнора Каримовага ҳам салом айтинг" деди. Яна бир ҳамкасбим Садриддин форс тилида Гугушга юзланиб, 1977 йилда Гугуш бош ролни ўйнаган "Узундан узоқ тун" филмини ҳаяжон билан томоша қилганини айтиб¸ "ўша пайтда нафақат мен балки минглаб ўзбек йигитлари сизга ошиғи беқарор бўлган", деб таъкидлади. Бу эътирофдан масрур бўлган Гугуш ҳандон отиб кулиб, уни севган ўзбек ошиқ йигитларига ташаккурларини изҳор қилди. Шундан сўнг Гугуш Озодликнинг форс хизмати Фардо радиоси журналистлари билан учрашиш мақсадида биздан айрилди. Озодликнинг форс хизматидаги ўнлаб журналист Эронда фавқуллода машхур бўлган афсонавий санъаткорни гуллар билан қаршилашди. Фардо радиосининг машхур журналистлари форс тили имкон берганича ҳофизга тасаннолар айтишди. Сиз туркий тилда ҳам гапирасизми деб савол бердим. - Албатта гапираман¸ зотан мен озарийман. Отам озарий, онам озарий. Бу тил менинг асл тилимдир,- деди Гугуш.