Ўзганлик аёл ўзбек расмийларидан Андижондаги фарзандлари олдига қайтишга имкон беришни сўрамоқда HD

15.12.2016
Андижонга тушмушга чиққанига 19 йил бўлган ўзганлик Донохон Сулаймонова 2015 йилда чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун Ўзбекистондан 10 йилга депортация қилинган. Уч фарзанднинг онаси бўлган Донохон опага кўра, ҳозир унинг Ўзбекистондаги фарзандлари қаровсиз қолмоқда. Ўш вилоятининг Ўзган шаҳридан бўлган Донохон Сулаймонова 1998 йили Андижон вилояти Жалолқудуқ туманига турмушга чиққан. У узоқ йиллар давомида Ўзбекистондан паспорт ололмаган. 2015 йил бошларида Донохон опанинг отаси вафот этган. Отасини сўнгги сафарга кузатиш учун Ўзганга келган аёл бу ерда қўлидаги қирғиз паспортини йўқотиб қўйган. Шундан кейин у Водил чегараси яқинидаги айланма йўллар билан Ўзбекистонга ўтишга уринади, бироқ чегарачилар томонидан қўлга олиниб, Фарғона шаҳар судида суд қилинади. Донохон опа суд жараёни бир неча ойга чўзилганини айтади: - Ана-мана деб бизнинг деломизни роса суришди. Ҳайит бўлиб қолди. “Дадамнинг ҳайитига боришим керак. Ҳеч бўлмаганда, ўшангача ҳал қилиб беринглар”, деб роса югурдик. “Ремонт кетаяпти, у бўлаяпти, бу бўлаяпти” деб, ишимизни 4 ойга суришди. Шу билан октябрда суд бўлиб, судда: “1 миллион 184 минг сўм штраф тўлаб келинглар, кейин суд қиламиз”, дейишди. Банкга бориб, штрафни тўлаб келсам, хонасида ҳам суд қилмади, “коридорда кутиб туринг”, деди. Кутиб турганимда судя чиқиб, секретарига документларни ташлаб берди. Секретари кўриб: “Сизни 10 йилга депорт қилиб қўйибди”, деди. Шу билан паспорт столдан одам чақиришди. Шунда ҳам деярли бир ойдан кейин депорт қилиб чиқариб юборишди, - дейди Донохон Сулаймонова.

Похожие видео