Бухоро ҳокими 18 ëшга тўлмаган ўқувчиларни ҳам пахтага ҳозирламоқда HD
Бухоро Тиббиёт коллежида 18 ёшга тўлмаган 2-курс ўқувчиларидан ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиш ҳақида ариза ёздириб олинмоқда. Шаҳар ва туманлардаги коллежларнинг 3-курс ўқувчилари эса 5 сентябрда пахта теримига оммавий сафарбар этилади. Коллеж ўқитувчиларидан ҳам теримчи гуруҳлар ташкил қилиш назарда тутилган. Бухоро шаҳридаги Тиббиёт коллежининг 18 ёшга тўлмаган 2-курс ўқувчиларидан “ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиш”и ҳақида мажбурий ариза ёздириб олинаëтгани ҳақидаги хабарни Озодликка коллеж ўқувчиларидан бири йўллади: “Кураторимиз “бу йил пахта оғир бўлади, сизлар ҳам чиқишларинг мумкин. Шунинг учун “ўз ихтиёримиз” билан пахта теримига чиқишга розимиз, деган ариза ёзиб беринглар деб, ўзи ариза текстини айтиб турди. Биз эса ёзиб бердик”, деди хавфсизлик боис исмини сир сақлаëтганимиз ўқувчи. Бундай аризанинг Озодликка тақдим этилган матнида қуйидаги баëнот ёзилган: “Мен.... Бухоро тиббиёт коллежининг ...гуруҳ талабаси пахта теришга ўз ихтиёрим билан боришга эътирозим йўқ. Тушунтириш хати ўз қўлим билан ёзилди. Имзо ва сана.”