Хоразм вилоят ҳокими барча ташкилотларни 3 кунга пахта теримига сафарбар қилди HD
Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановнинг топшириғи билан вилоятда 18 сентябрдан бошлаб 3 кунлик зарбдор терим кампанияси бошланди. Топшириққа биноан вилоятдаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари пахта теримига сафарбар қилинди. Сафарбар қилинган ва қилинадиганлар орасида тиббиëт ва халқ таълими ходимлари ҳам бор. Пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилингани тўғрисидаги бу хабарни вилоят ҳокимлигининг Озодлик телефон қилиб боғланган ходими тасдиқлади. Вилоятнинг Шовот тумани эса, ҳоким Ҳакимбой Отахоновнинг буйруғи билан "қамал ҳолатига" келтирилди. Озодлик суҳбатлашган шовотлик такси ҳайдовчисининг айтишича¸ туман ҳудудидаги барча ишчи-хизматчилар тизимли равишда теримга жалб қилинган. Айни пайтда республика прокуратураси терговчилари Хоразм вилоятида пахта терими жараëнидаги қўшиб ëзишлар билан боғлиқ вазиятни текширмоқда. Вилоят миқëсида фавқулодда ҳолат Хоразм вилоят ИИБ тизимида хизмат қилувчи гурланлик сафдорнинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ вилоятда пахта терими харбий сафарбарликни эслатади: - Участка инспекторлари ва сафдорларни пахтага ташлашди. Лавозими катталар эса, бошқаларни пахтага чиқаришда қатнашмоқда. Норма қўйилган. Албатта, мен бу нормани бажара олмайман. Ўрнимга пахта терадиган одам ëлладим. Тўрткўлдан келган гунликчи (мардикор) хотин пул эвазига мен учун теради. Лекин мен ҳам отизда (далада) юришим керак. Биров сўраса, пахтага чиққанлар осойишталигини таъминлаб турибман деб айтаман. Ўзимизникилар ëки вакил келса ўзимни пахта тергандай қилиб кўрсатаман.