Аҳад дорбоз: 2002 йилдан бери вилоят ҳокими билан учрашишнинг имкони бўлмаяпти HD
29 январь, душанба куни Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида очлик эълон қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти фаоли Аҳад Набиев (Аҳад дорбоз) Фарғона шаҳар милициясига олиб кетилди. Аҳад дорбознинг Озодликка айтишича, фарғоналикларни "ҳароми" деб сўккан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мурожаатлари йиллардан буён жавобсиз қолмоқда. 29 январь Аҳад дорбоз очлик эълон қилганидан бироз ўтиб, Фарғона шаҳар милициясига олиб кетилгани ҳақида “Озодлик”ка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти раиси Исмоил Одилов хабар қилди. ”Фарғона вилоятида инсон ҳуқуқларининг топталиши, хусусан, фуқаролар мурожаатлари оқибатсиз қолдирилишига қарши вилоят ташкилотимизнинг етакчиси Аҳад Набиев маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10 да очлик акциясини бошлаганди. Орадан кўп ўтмай фаолимиз Фарғона шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан маҳкамага олиб кетилган”, деди Исмоил Одилов. Куннинг иккинчи ярмида Аҳад Набиев Фарғона шаҳар ИИБ тезкор вакиллари томонидан тушунтириш хати олинганидан сўнг қўйиб юборилгани, унинг акцияси қонунга зид экани таъкидланиб, унга пўписа қилингани маълум бўлди. Аҳад дорбознинг Озодликка айтишича, шаҳар милицияси бош бошқармасига Фарғона шаҳар ҳокими Шуҳратжон Эркабоев чақиртирилган. - Шаҳар ҳокими шахсан келди, барча муаммоларни ҳал қиламиз. Ҳокимиятга келинг, муаммоларни батафсил эшитишим керак, деб айтиб кетди. Мен энди шаҳар ҳокимлигидаман, - деди Аҳад дорбоз.