Туркия, Россия ва Эроннинг авторитар раҳбарлари ташқи “душман ахтариш” билан овора HD
Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон мамлакат ҳокимиятини ўз монополиясига айлантириб бўлди ҳисоб. Энди иқтисодиёт ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам¸ ҳатто армия ҳам унинг назорати остида. Эрдўғон Туркиядаги сиёсат чўққисини 15 йилдан бери, дастлаб бош вазир, 2014 йилдан сўнг эса президент сифатида эгаллаб келмоқда. У лиранинг қадри кескин пасайиб кетгани учун “ижтимоий тармоқлардаги иқтисодий террорчилар”ни ҳамда “сиёсий фитна” учун НАТО бўйича иттифоқчиси АҚШни айбдор қилди. Эрдўғоннинг иғвогарона фикрлари кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Жангари раҳбарнинг кўпинча дўппи тор келиб қолганда “душман ахтариш”га тушиб қоладиган одати бор. У 2016 йили амалга ошмаган давлат тўнтариши учун айбни ҳеч бир исбот келтирмай АҚШда истиқомат қиладиган руҳоний Фатҳуллоҳ Гуленга ағдарди. Сўнгра у Гуленнинг ўн минглаб тарафдорини аниқлаш мақсадида Туркияда тозалаш ўтказди. Инсон ҳақлари фаоллари унинг бу ҳатти-ҳаракатларини ҳурфикрлиликни бостириш деб атади. Эрдўғон ўз хатолари учун бошқаларни айблашга одатланган ягона раҳбар эмас.