Эрон Украина учоғини уриб туширганини тан олди. Киев товон талаб қилмоқда HD

14.01.2020
Украина Президенти Володимир Зеленский Теҳрон йўловчи учоғини уриб туширганини тан олгандан сўнг ўз мамлакати Эрондан тўлиқ тергов ўтказишни, айбни тан олишни ва товон пули тўлашни кутаётганини айтди. Эрон тарафи шу кунгача бортида 176 киши бўлган учоқни тасодифан уриб туширганини инкор қилиб келаётган эди. Зеленский, “Эрон Украина учоғини уриб туширгани учун айбдор эканини тан олди, лекин биз улар айбни тўлиқ бўйнига олишини талаб қиляпмиз”, деди. − Биз Эрондан тўлиқ ва очиқ тергов ўтказишга тайёр экани, айбдорларни жавобгарликка тортиш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтариш, товон пули тўлаш, дипломатик каналлар орқали расман кечирим сўрашга кафиллик беришини кутяпмиз, − дея қўшимча қилди у. Украина ҳукумати вебсайтидаги баёнот 11 январда Эрон 8 январь куни Теҳрон яқинида Украина йўловчи учоғини “инсон хатоси сабаб” “бехосдан” уриб туширганини тан олганидан сўнг орадан кўп ўтмай пайдо бўлди. Давлат телевидениеси орқали эълон қилинган баёнотда ҳарбийлар учоқ Ислом инқилоби соқчилар корпусининг (ИИСК) “нозик ҳарбий маркази” томон бурилгач, уни “душман нишони” деб ўйлагани айтилади. Баёнотда қўшимча қилинишича, Эрон ҳарбийлари Қўшма Штатлар билан муносабатлар кескинлашгани сабабли “ўта ҳарбий шайлик”ҳолатида турган бўлган. Баёнотда фожиа учун айбдор бўлган ва учоқдаги барча йўловчиларни ўлдирган кишилар “зудлик билан” жавобгарликка тортилиши шартлиги айтилади. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Твиттерда ҳалокатни “катта фожиа ва кечириб бўлмас хато” деб атади. Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф эса уни “бўҳрон пайтидаги АҚШ сабаб бўлган авантюра” деб айтди. Қуролли кучларнинг ички тергови хулосасига кўра, йўловчи учоғига қарата ракета учирилишига одамлар йўл қўйган хато сабаб бўлган. Тергов ишлари давом этмоқда.

Похожие видео