Оренбург Тергов қўмитаси мигрантлар калтакланиши ҳолати бўйича жиноят иши очишдан бош тортди HD
Оренбургдаги хорижликларни вақтинча сақлаш марказидаги (ЦВСИГ) мигрантлар полиция ва қўриқчилар томонидан калтаклангани юзасидан Оренбург область Тергов бошқармаси жиноят иши қўзғатишдан бош тортди. Бу ҳақда 25 августда билдирган “Қийноқларга қарши қўмита”га кўра, муҳожирларнинг калтакланишига улар Интернетга уланган телефонлардан фойдаланишга рухсат берилмаётганига қарши чиққани сабаб бўлган. Оренбург вилоят Тергов бошқармаси Озодликка мазкур ҳодиса юзасидан терговолди суриштирув олиб борилгани ва “полиция ходимлари ва қўриқчилар ҳатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани”ни билдирди. Жорий йилнинг 26 июнида Россиянинг “Қийноқларга қарши қўмита” ташкилотига икки муҳожир: ўзбекистонлик Зарифжон Мирзоназаров ва қозоғистонлик Геннадий Тарасовлар юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Уларнинг сўзларича, Оренбург вилоятининг Алабайтал қишлоғида жойлашган Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш маркази (ЦВСИГ) маъмурияти мигрантларга Интернетга уланган телефонлардан фойдаланишни тақиқлаган. “Қийноқларга қарши қўмита” ташкилоти матбуот хизмати раҳбари Иван Жильцовнинг Озодликка айтишича, телефонларни қайтариб беришни сўраган муҳожирлар полиция ва қўриқчилар томонидан аёвсиз калтакланган: - Маъмурият “Шу кундан бошлаб сизларга Интернетга уланган телефондан фойдаланишга рухсат берилмайди!”, дея конфликт вазият юзага келтирган. Улар бу одамларга хорижга яқинларига телефон орқали уланиш жуда қимматга тушишини била туриб шундай қилган. Интернет эса мессенжерлар ёрдамида уларнинг яқинлари билан хабарлашиб туришга имкон бериб келган. Бунга жавобан марказда сақланаётганлар назорат камераларига қоғоз ёпиштириб чиққан. 16 июнь куни маъмурият бўйсунишни истамаган муҳожирларни “тарбиялашга” полиция махсус бўлинмасини чақиртирган. “Қийноқларга қарши қўмита” Озодликка тақдим этган назорат камераларидан олинган видеоёзувда камералардан бирига каска кийган полициячилар ва резинка таёқ кўтарган марказ қўриқчилари кириб келади. Улар муҳожирларни калтаклаб, қўлларини қайириб олиб чиқиб кетаётганини кўриш мумкин.