Қўшработда 82 яшар қария 9 яшар қизни зўрлаганликда гумон қилиниб, жиноят иши очилди HD
Самарқанд вилоят, Қўшработ туманидаги қишлоқлардан бирида (қайси қишлоқлиги Озодликка маълум) яшовчи 82 яшар эркак 9 яшар қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда. Қиз ўқийдиган мактаб ўқитувчиларидан олинган бу маълумотни туман ИИБ зобити тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. Воқеа юз берган ҚФЙ раисининг Озодликка айтишича, Р.О. зўрлангани айтилаётган қизнинг оиласига узоқроқ қариндошдир ва "зўрлаш" воқеаси қариндошлар орасидаги низо оқибати бўлиши ҳам мумкин. Тажовуз тоғда бўлгани айтилди Тергов-суриштирувга оид ҳужжатларни кўрган Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот органи ходимига кўра¸ воқеа тоғли қишлоқда 25 июль кундузи юз берган: “81 ëшдаги муқаддам судланмаган¸ маҳалладан яхши тавсифномаси бўлган Р. О. тоғ томондаги ҳовлисидаги экинларига сув қуйиш учун боради. У ерда бир девор қўшниси, 1981 йили туғилган О.Б. нинг уйига сабабсиз киради. Уйда О.Б. нинг 9 яшар қизи М.Б. нинг ëлғзилигидан фойдаланиб уни зўрлайди. Қиз бехуш бўлиб йиқилганидан кейин Р.О. жиноят жойидан қочиб кетади” деди матбуотга гапириш ҳуқуқи йўқлиги боис исми айтилмаслигини сўраган ҳуқуқ-тартибот органи ходими. Унинг яна айтишича¸ қизга тиббий ëрдам кўрсатилган ва гумондор Р.О. қамоққа олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) бўйича жиноят иши очилган. Қиз даволанган тиббиёт маскани ходимларидан бирининг Озодликка айтишича¸ “М.Б. гинеколог кўригидан ўтиб, қисқа муддат муолажа қилиниб, уйига қўйиб юборилган". Қизнинг ота-онаси Озодлик мухбири билан суҳбатлашишни истамаслигини билдирди. Озодлик жиноят ишини олиб бораëтган терговчи билан ҳам боғланди. Воқеани тасдиқлаган терговчи "жинсий зўрлаш вояга етмаган қизга нисбатан бўлгани боис", бу жиноят ишига оид тафсилотларни матбуотга айта олмаслигини айтди. Гумонланувчи уйига қўйиб юборилган Зўрлангани иддао қилинаëтган 9 яшар қиз ўқийдиган мактабда она-тили ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган аммаси М.Х. нинг (Озодликда ушбу мақолада тилга олинган барчанинг исм-фамилиялари бор) Озодликка шикоят қилишича¸ “қизчани зўрлаган Р.О. ИИБ ходимлари тарафидан сўроқ қилинганидан кейин уйига қўйиб юборилган: - 81 яшар чол эндигина 2-синфни битирган ўқувчини зўрласаю¸ уни сўроқ қилиб судгача уйига қўйиб юборишса?! Бу қандай бедодлик?! Мен зўрланган қизнинг қариндоши ва оддий ўқитувчи сифатида бу одамнинг судгача бўлса ҳам озодликда юришига қаршиман! - деди М. Х.