Манбалар: Қийноқларда айбланган МХХ зобити ДХХ Андижон вил. бошқармаси бошлиғи лавозимига ўтказилди HD
Қийноқлар билан боғлиқ жиноят иши фигуранти бўлган собиқ МХХ полковниги Таймуроз Алимов ДХХ Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётгани иддао қилинмоқда. Озодлик манбаларининг билдиришича, 44 яшар Таймуроз Алимов жорий йил сентябрь ойи охирида янги вазифага тайинланган. Озодлик манбасининг бу ҳақдаги маълумотини Ўзбекистон ҳукумат доираларига яқин бир-биридан мустақил уч мулозим тасдиқлади. Полковник Таймуроз Алимов қамоқдан озод қилиниб, 2019 йил охирида ДХХ Қашқадарë вилоят бошқармасига бошлиқ этиб тайинлангани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди. Тaймуроз Алимов 2018 йилнинг 26 февралида қийноқларда айбланиб, ҳибсга олинган. МХХнинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (2018 йил февралида тугатилган) бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Таймуроз Алимовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-модда, («Қасддан одам ўлдириш»), 301-модда («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш») ва 230-моддалари («Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш») асосида айблов илгари сурилганини расмий манбалар тасдиқлаган. Ўзбекистон ҳукуматига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Таймуроз Олимжонович Алимов Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси сўровига мувофиқ ҳибсга олинган ва Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида сақланган. “2018 йилда Таймуроз Алимов устидан хизмат текшируви олиб борилди. Бу пайтда у тергов изоляторида сақланди. Алимов иши ўша пайтдаги Бош прокурор Отабек Муродовнинг шахсий назоратида бўлган. 2019 йилда Алимов қамоқдан сирли равишда қутулиб қолди ва Қашқадарё ДХХси бошлиғи лавозимига юборилди” , - деди исми сир қолишини истаган амалдор. Шундан сўнг Таймуроз Алимов вилоят ҳокимлигидаги мажлисда кўриниш берган. Озодлик Таймуроз Алимовнинг исми зикр қилинган Қашқадарë вилоят ҳокимлиги фармойишини кўрган эди. Озодликда Таймуроз Алимовнинг вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан тушган суратлари бор. Бу суратлардан бири жорий йил февралида расмий матбуотда эълон қилинган. Таймуроз Алимов жорий йил сентябрида ДХХ раиси Абдусалом Азизов буйруғига биноан ДХХнинг Андижон вилоят бошқараси бошлиғи лавозимига тайинланган. Озодлик суҳбатлашган мулозим буйруқни ўз кўзи билан кўрганини таъкидлади. Айни пайтда ҳозирча Озодликда бу маълумотларнинг расмий тасдиғи мавжуд эмас.