“Пиёз иши” фигурантларидан яна бири тергов изоляторида ўлди HD
30 март куни Тошкентда "Пиёз иши" доирасида судланаётган бозорқўмлардан бири - “Бек Тўпи” бозори собиқ раҳбари 57 яшар Шукриллахон Эргашев тергов изоляторида вафот этди. Бош прокуратура маълумотига кўра, Шукриллахон Эргашев ўз ажали билан ўлган. Бу “Пиёз иши” фигурантлари билан боғлиқ иккинчи ўлим ҳолатидир. 12 ноябрда “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаев тергов изоляторида ўзини осиб, ўлдирганди. “Пиёз иши” бўйича очилган жиноят иши тергови якунланиб, яқинда иш судга оширилди. Ҳозирда ушбу иш бўйича жами 23 киши судланмоқда, улардан 10 нафари панжара ортида ўтирибди. Пиёз иши: Изолятордан чиққан яна бир жасад Озодликка 1 апрель куни маълум бўлишича, “Пиёз иши” фигурантларидан яна бири - 57 яшар Шукриллахон Эргашев 30 март куни 1-сонли Тошкент тергов изоляторида юрак хуружидан вафот этган. “Шукур аканинг ўзи кейинги пайтда соғлиги яхши эмасди. Февралнинг бошида уни Тоштурманинг тиббий бўлимига ётқизишган. Шукур акада диабет бор эди, кейин юрагининг ҳам мазаси яхши эмасди. Бизга уни “инфарктдан ўлди”, дейишди. Биз ҳам шунга ишонишга мажбурмиз. Чунки ёнида бўлмаганмиз, аслида нима бўлганини билмаймиз”, деди Эргашевнинг яқинларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.