Манбалар собиқ Бош прокурорни тергов қилган яна бир прокурор ушланганини хабар қилди HD

19.03.2019
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича собиқ катта терговчиси, Тошкент вилоят, Бўка туман прокурори лавозимида ишлаб келган Баҳром Қобилов жиноят иши фигурантига айланганини терговга яқин​ бир неча манба бир-биридан мустақил равишда ​иддао қилди. Мустақил манбалар иддаоларини Бўка туман прокуратураси икки ходимидан бири қисман расман тасдиқлади. Ходим, Озодлик саволига жавобан, Баҳром Қобилов (расмий ҳужжатларда Кобилов) 12 март куни Бўка туман прокуратурасидаги ўз кабинетидан қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилганини билдирди. Айни пайтда Озодлик гаплашган Бўка туман прокуратураси мулозими “қўлга олиниши ҳали жиноятчи эканлигини билдирмаслигини, суд ҳукми чиққунига қадар ҳеч бир кишини айбдор деб бўлмаслигини” уқтирди. Терговга яқин бўлган ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича, “қўлга олинган Қобилов Ўзбекистон собиқ прокурори Қодировни тергов қилиш пайтида унга ва ушбу жиноят иши фигурантларига нисбатан қийноқ ва рухсат берилмаган тергов усулларини қўллаганликда айбланган”. Терговга яқин мулозимларнинг бир-биридан мустақил тарзда Озодликка билдиришича¸ Республика ҳарбий суди қарори билан Қобиловга нисбатан "қамоқ" эҳтиëт чораси белгиланган. Республика ҳарбий суди вакили Озодлик билан қисқа мулоқот чоғида "барча қарор ва ҳужжатларга "давлат сири" деган муҳр босилгани ва шу боис матбуот ҳамда жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини" тушунтириш билан кифояланди.

Похожие видео