Маст ҳолда машина ҳайдаб¸ пиëдалар ўлимига сабаб бўлган ИИБ бошлиғи тергов қилинмоқда HD
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Расулжон Йўлдошев икки нафар пиёданинг ўлимида гумонланмоқда. Ички ишларга яқин манбаларнинг айтишларича, собиқ бошлиқ маст ҳолда бошқарган автомобиль 9 май куни ярим тунда Фарғона шаҳри марказида икки нафар пиёдани босиб кетган. Пиёдалардан бири воқеа жойида, иккинчиси бир неча кундан сўнг касалхонада вафот этган. Бу воқеани Фарғона шаҳар прокуратураси тергов қилмоқда. Олтиариқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Расулжон Йўлдошев бошқарган автомобилнинг пиёдаларни босиб кетгани ҳақидаги хабар Озодликка Фарғона ички ишлар тизимидаги мулозимга яқин манбадан етиб келди. “Бу воқеа 9 май куни содир бўлган. Олтиариқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Расулжон Йўлдошев кечаси соат 11 ларда аёл кишига тегишли бўлган “Ласетти” автомобилини маст ҳолатда бошқарган. У Фарғона шаҳрининг собиқ Карл Маркс кўчасида йўлда кетаётган пиёдаларни катта тезликда уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Пиёдалардан бири ўша жойнинг ўзида жон берган ва яна бирини тез ёрдам олиб кетган”, деди Озодликка воқеа тафсилотларини хабар қилган фарғоналик.