“Пиёз иши” фигурантларидан бири ўзини ўзи ўлдирганига яқинлари ишонмаяпти HD
Тошкентдаги "Пиёз иши" доирасида ўтказилган тергов давомида йирик растратада айбланиб, қамоққа олинган “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаев, яқинларининг иддао қилишича, тергов изоляторида қийнаб ўлдирилган. Озодлик билан мулоқот давомида улар Дилшод Абдуллаевнинг қийнаб ўлдирилгани¸ кейин “ўзини осди”, деб расмийлаштирилганини иддао қилди. Бош прокуратура Абдуллаевга нисбатан рухсат этилмаган ҳеч қандай методлар қўлланилмагани, "у ўз жонига қасд қилгани”ни билдирди. 12 ноябрь куни 1-сонли Тошкент тергов изоляторидан ўлиги чиққан “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаев яқинларининг даъво қилишича, аввалига қийнаб ўлдирилган¸ кейин эса “ўзини осди”, дея расмийлаштирилган. “11 ноябрь кечки пайт қийнаб ўлдириб қўйишган. Кейин ўзини осган қилиб инсценировка қилишган”, - деди марҳумнинг ўз исми очиқланмаслигини сўраган қариндоши. Лекин, бу ҳақда қаердан билиши ҳақида сўралганида суҳбатдош аниқ жаоб беролмади. “Дилшод акамни ўзини осишига мен ишонмайман. Айбни бўйнига қўйиш учун уни қийнаб ўлдиришган, баданида қийноқ белгилари бор эди”, - деди Дилшод Абдуллаевнинг қариндоши.