Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров энди жиноий уюшма тузишда ҳам айбланмоқда HD
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида давлат айбловчиси судланувчи Рашитжон Қодировга янги айблов эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори эндиликда жиноий уюшма ташкил этишда ҳам айбланмоқда. Қодировнинг жиноий шериклари сифатида судланаётган 12 кишига жиноий уюшмага аъзолик айблови қўйилган. Бу ҳақда Озодликка суд жараёнидан хабардор ҳуқуқшунослардан бири 1 март куни маълум қилди. Бу хабарни айбланувчиларнинг яқинлари ҳам тасдиқлади. Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди. Ўтган ҳафта Юнусобод туман судида собиқ бош прокурор ва унинг жиноий шериклари сифатида кўрилаётган шахслар иши бўйича тарафлар муҳокамаси бошланиши кутилганди. Прокурор айбланувчиларга жазо муддатини сўраши, адвокатлар ва давлат айбловчиси чиқишидан кейин айбланувчилар сўнгги сўзни олиши керак эди.