Бош прокуратура Рашитжон Қодиров иши доирасида 24 шахсга айблов эълон қилинганини билдирди HD

07.06.2018
5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот брифинги ўтказилди. Бу ҳақда хабар берган маҳаллий нашрларга кўра¸ брифинг мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси мавзусида бўлган. Кун.уз нашрининг хабар қилишича¸ савол-жавоб тарзида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашиджон Қодиров иши бўйича бораëтган тергов жараëнига оид айрим тафсилотлар очиқланган. Расмий баëнотга кўра¸ Қодиров иши доирасида жами 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинган ва улардан 21 нафари ҳибсга олинган. Кун.уз Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўроловнинг қуйидаги баëнотини иқтибос келтирди. «Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан собиқ бош прокурор лавозимида ишлаган Рашиджон Қодировга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнида собиқ бош прокурор томонидан пора эвазига лавозимга тайинлаш, пора олиш ва бошқа жиноят аломатлари аниқланган. Ҳозирда 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган. Шулардан 21 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳолатлари ҳануз давом этмоқда. Тергов якунлари бўйича албатта ОАВга албатта маълумот берилади.»

Похожие видео