Москвада ўзбекистонликлар оммавий муштлашди, икки киши ўлди HD
Москванинг жануби-шарқидаги Волгоград проспектида содир бўлган оммавий муштлашувда иштирок этган 11 ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Россия Тергов қўмитаси икки ўзбекистонлик ҳалок бўлиши билан тугаган бу жанжал факти бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирди. Оммавий муштлашув 17 февралда Россия пойтахтининг Волгоград проспектида жойлашган машина ювиш сервиси жойлашган бино олдида содир бўлди. Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳар бўйича бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, муштлашув автомобиль ювиш шохобчаси ишчилари орасида маиший жанжал ортидан келиб чиққан. - 17 февраль куни Волгоград проспектидаги бино олдида содир бўлган муштлашув оқибатида 1989 йилда туғилган шахс “Тез ёрдам” машинаси етиб келгунича ҳалок бўлган, кўкрагидан пичоқланган иккинчиси эса касалхонада вафот этган, - деди Москва шаҳар Тергов қўмитаси раҳбари муовини, адлия лейтенанти Юлия Иванова. Ҳодиса гувоҳлари жанжал автомойкада ишлаган ўзбекистонликлардан бири бошқасининг акасини ҳақоратлаганидан келиб чиққанини айтмоқда. Мазкур воқеа юзасидан Россия Жиноят кодексининг 111- моддаси 4- банди (“Инсон танасига атайлаб оғир жароҳат етказиш оқибатида одам ўлдириш”) билан жиноят иши қўзғатилди. Россия Тергов қўмитаси оммавий жанжал акс этган видеотасвирларни ҳам эълон қилди.