Москвадаги ёнғинда ўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор HD
Россия Тергов қўмитаси Москва шимолида Складочная кўчасидаги ёнғинда 6 муҳожирнинг нобуд бўлгани юзасидан жиноий иш қўзғатди. Озодликка келиб тушаётган хабарларда, ишчилар битовкасида куйиб ўлган 5 эркак ва бир аёл орасида ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинмоқда. Москва шимолида жойлашган “Москва - Бутырская Товарная” станцияси яқинида жойлашган Складочная кўчасидаги ишчилар яшовчи вақтинчалик уйлардан бири ëниб кул бўлди. 6 ноябрь саҳарги 02:25 ларда содир бўлган бу ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар 12 квадрат метрлик уйчада 5 эркак ва бир аёл жасади борлигини аниқлади. Москва Тергов қўмитаси расмий вакиласи Елена Марковскаянинг Озодликка айтишича¸ ёнғин хавфсизлик чораларига риоя қилинмагани сабабли келиб чиққани тахмин қилинмоқда: - Ҳодиса жойида 6 киши жасади топилди. Улар шахси аниқланмоқда. Ёнғинда жабрланганлардан бири тасодифан жон сақлаб қолди – 30% танаси куйган бу одам тиббий муассасага ётқизилди. Ҳодиса жойида тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда, деди тергов қўмитаси вакиласи.