Россия – Ўзбекистон, муҳожирлик: укажон, соғиндик, уйга қайт! - BBC Uzbek

13.12.2018
Россияга ишлашга кетган йигитлар нега ватанга қайтишмаяпти? Сабаблар турлича. Бири оила қуриб, бири фуқаролик олиб, яна бошқаси яхши ҳаёт учун четда қолишни афзал кўришаяпти. Россияда расман 2 миллионга яқин ўзбекистонликлар борлиги айтилади. Асосан, “қора” ишларда ишлаётган меҳнат муҳожирлар Ўзбекистонга энг кўп пул юборувчилар сифатида Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари бўйича рўйхатнинг бошида туришибди. Ўзбекистонда йилнинг ҳар чорагида 1 млрд доллардан зиёд пул юборувчи муҳожирларнинг моддий ва ҳуқуқий ҳолати энг паст даражада эканлигини экспертлар ҳамиша таъкидлашади. Шу билан бирга муҳожирлик улар учун ижтимоий муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда. 2013 йилда Фарғонадан Москвага ишлашга кетган Раҳматилло Ғофуровни яқинлари излаяпти. Опаси Хурсанойнинг айтишича, Раҳматилло оилада ёлғиз ўғил, 23 ёшида Россияга ишлашга кетишга мажбур бўлган. Камхаржлик сабаб уйланмаган, кекса ота-онасини моддий таъминлаш, ўзининг тўйига пул ишлаш учун муҳожирликка кетишга мажбур бўлган. - Россияда ёши ўзидан катта, турмуш қуриб ажрашган аёл билан танишиб қолиб яшаб юришибди. Аёл хоразмлик экан, 2014 йилда ўз уйига олиб кетиб, ўша ерда тўй қилиб беришибди. Биз билмаймиз. Болали бўлганидан кейин дараги чиқиб топдик ва 4 ойлик чақалоғи ва аёли билан бирга уйга олиб келдик. Қайинопаси бирга келиб, 1 ҳафтада онам билан уришиб, укамни олиб кетиб қолишди. Шундан буён, укам қаерда билмаймиз, - дейди Хурсаной. Муҳожирлик бир оила аъзоларининг турли томонларга тарқалиб кетишига, бутун оилаларнинг бузилиб кетаётганига сабаб бўлаётгани ижтимоий муаммолар сифатида кўрилади. Шунингдек, Россия ёки бошқа давлатларга ишлашга кетиб, Ўзбекистонга қайтмаётган муҳожирлар ҳам талайгина. Ўзбекистонда тўй қилиш харажатлари оғирлик қилиб, ишлаётган жойида маҳаллий аҳоли вакиллари билан камчиқим тарзда оила қуриш ҳоллари меҳнат муҳожирлари учун енгилроқ ҳолат. Россияга айни уйланадиган ёшда ишлашга келувчи йигитлар муҳожирликда ишлаётган эрсиз аёллар билан “топишиб” олиши энг кўп учрайдиган кўриниш. Аммо Ўзбекистондаги ота-онаси, яқинлари билан алоқани узиш ўзбекистонликлар орасида нисбатан кам. - Яқинда хабарларда Туркияда ҳалок бўлган муҳожирнинг расмини кўрдим. Укамга ўхшар экан, қўрқиб кетдим. Шундан бери хавотирдаман. Онам ҳам уйда ёлғиз, кечалари қўрқиб ухламай чиқадилар. Отам тирикчилик учун қариган чоғида Россияга ишлашга кетганлар. Мен турмушга чиқиб кетганман, доим ёнларида бўлолмайман. Онам жуда эзилиб кетдилар, дейди фарғоналик Хурсаной. У Би-Би-Си Ўзбек хизмати орқали укасига мурожаат қилди. “Илтимос, укажон, соғиндик. Бир дона жигаримсан, уйга қайт!”

Похожие видео

Показать еще