Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришди ва қасамёд қилди HD
Тошкентда 2021 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев очди. У 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови демократик тамойиллар асосида, фаол сиёсий рақобат муҳитида ўтганини таъкидлади. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг 80,12 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини қайд этди. Марказий сайлов комиссияси Раиси иштирокчилар номидан Шавкат Мирзиёевни табриклади ва унга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини топширди. Президент Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ, қасамёд қилди: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”, деди Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз мадҳияси янгради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлади. – Халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик ва сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик, – деди давлат раҳбари. – Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Қайд этилганидек, ушбу тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат. Биринчи йўналиш эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилган. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади. Марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади. – Раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак, – деди Президент. Иккинчи йўналиш адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифаларини қамраб олган. Шу мақсадда судлов тизими ва адвокатура институти, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти такомиллаштирилади. Тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилади. Коррупцияга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситалари сафарбар этилади. Бунда айбдорларни ҳуқуқий