Шавкат Мирзиёев Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди HD
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди. Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилди. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилди. Давлатимиз раҳбари мазкур ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган. Жорий ўқув йилида мактабнинг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ижодий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида 121 нафар ўқувчи саралаб олинди. “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ғолиби Зилола Шомуродова ҳам ижод мактабига қабул қилинди. Бу ерда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун ҳамма шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида болалар спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулайликлар мавжуд.