Андижонда газ портлашидан 20 яшар йигит ўлди¸ хабарни эшитган 72 яшар бобо ҳам жон берди HD
Андижон вилояти Балиқчи туманининг Қияли маҳалласидаги автомобилларни созлаш устахонасида 10 декабрь куни содир бўлган портлаш оқибатида 20 яшар уста йигит воқеа жойида ҳалок бўлди, унинг тоғаси бўлган иккинчи уста оғир куйиш жароҳати олди. Бу хабарни тасдиқлаган туман ёнғин хавфсизлиги бўлими мулозимига кўра, усталар Дамас автомобилини таъмирлаётган пайтда портлаш содир бўлган. Маҳалла оқсоқолининг айтишича, ўғли ва невараси ишлайдиган устахонани портлаб кетганини эшитган бобо ҳам, ўша заҳоти юраги ушлаб қолиб, жон берган. Воқеа гувоҳларининг Озодликка хабар қилишича¸ Балиқчи туманининг Қияли маҳалласидаги автомобилларни созлаш устахонасида 10 декабрь куни туш пайти кучли портлаш содир бўлган. Исмини очиқламасликни сўраган гувоҳлардан бири устахонада таъмирланаётган Дамас автомобилидаги газ баллони портлаб кетганини билдирди. “Усталардан бири, 20 яшар Паҳлавон деган йигит ямада машинани қайси бир жойини таъмирлаётган пайтда портлаш содир бўлган. У бола ямада куйиб ўлган. Иккинчи уста, Паҳлавоннинг тоғаси Баҳодир эса қаттиқ куйган. Катта ёнғин бўлди, ўт ўчирувчилар келиб ўчиришди. Баҳодирни касалхонага олиб кетишди".