Фарғоналик фолбиннинг ўғли ва келини пичоқлаб кетилди HD
Фарғона вилояти Қўштепа туманининг Шомирза қишлоғида яшайдиган фолбин Ойшахон Шерматованинг 24 яшар ўғли ва 22 яшар келини ўтган жума куни ўз уйида пичоқлаб кетилди. Олинган жароҳатдан ўғил ўша заҳоти жон берган, келиннинг ҳаёти эса касалхонада сақлаб қолинган. Воқеани туман прокуратураси тергов қилмоқда. Исми сир қолишини сўраган Шомирза қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, воқеа 27 октябрга ўтар кечаси содир бўлган: “Ойша холанинг Қиргули шаҳрида ҳам квартираси бор экан. Баъзан ўша ерда ҳам яшаб тураркан. 27 октябрь куни мижозларни қабул қилгани қишлоқдаги уйига келибди. Ўғли билан келинини ётган хонасидан чақирса жавоб бермабди, кейин ичкарига кирса, иккиси ҳам қонга беланиб ётган экан. Дод солиб қўшниларини чақирибди, қўшнилар тез ёрдамга телефон қилибди. Дўхтирлар келиб кўришса, ўғлининг жони узилиб бўлган экан, келинини дўхтирга олиб бориб, ҳаётини сақлаб қолишибди”, деди маҳалла фаоли.