Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарлари газдан тўлиғича узилди HD
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин тушаётган бир пайтда мамлакатнинг аксар минтақаларида табиий газ таъминоти фавқулодда ёмонлашди. “Ўзтрансгаз” ширкати расмийлари газ йўқлигидан арз қилиб келган одамларга вазиятни об-ҳавонинг кескин совиб кетиши туфайли газ истеъмоли ҳажми ортгани билан изоҳламоқда. Озодликка турли вилоятлардан келаётган хабарларга кўра, аҳолига шундоқ ҳам чекланган миқдорда бериб келинган табиий газ жорий ҳафта умуман тўхтатиб қўйилган. Қишлоқ жойларида йиллар давомида одатий ҳолга айланиб улгурган газ тақчиллиги бу йил вилоят марказларига кўчди. Жумладан, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Урганч шаҳарлари аҳолиси ҳафта бошидан бери газ йўқлигидан шикоят қилмоқда. Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган фарғоналиклардан бири шаҳарда газ босими кескин пасайиб кетганини айтди: - Гугурт билан ёқасиз, босим шу даражада паст, зўрға милтиллаб ёнади, ёнидан ўтсангиз ўчиб қолади, одамни шамолига ўчади-да. Кунлар совигандан кейин шунақа бўлиб қолди. Олдин бунақа эмас эди, дейди фарғоналик уй бекаси.