Uzbek Қалби Оллоҳ, қўли меҳнатда ўтган Иброҳим Эшон HD
Бу гал кўплаб тингловчилар қайта ва қайта сўраган, кўпчилик томонидан "ҳазрат пиримиз Иброҳим Эшон", деб ҳурматланган фарғоналик марҳум аҳли илм Иброҳим Маматқулов ҳақида маълумот тўплашга уриндик. 72 ёшида оламдан ўтган Иброҳим Эшон (1937-2009) Нақшбандийлик тариқатининг Марказий Осиёдаги сўнгги йирик пешвоси сифатида тан олинган. Оққўрғонлик дурадгор деҳқон 2009 йилда 72 ёшида вафот этган Иброҳим Эшон - Иброҳим Маматқулов 1937 йилда Фарғона вилояти Бувайда тумани, Оққўрғон қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда яшаб ўтган. У киши ҳақида Интернет тармоқларида маълумот жуда оз. Аммо бу кишиинг шахсига оид маълумотларни тўплашимиз асносида кўриндики, Иброҳим Эшоннинг номи нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки Россиянинг мусулмон қисмида ҳам бухоролик йирик ислом олими, Нақшбандийлик тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбандий таълимотига эргашларнинг шу кунлардаги сўнгги пири, дея тан олинган. Шогирдлари, бошқача айтилса, муридлари бу кишининг аждодлари Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бориб тақалаши, уни Марказий Осиё минтақасида ўтган сўнгги пир, деб билишини таъкидлайдилар. Ёшлигида диний илмни отасидан, кейин эса Оққўрғондаги баъзи илмли кишилардан, сўнгроқ Бухородаги Мир Араб мадрасида олган.