Хоразмлик меҳнат муҳожири Волга бўйида тупроқ остида қолиб ўлди HD

05.08.2016
Россиянинг Волгоград вилоятида хоразмлик 39 ёшли меҳнат муҳожири газ қувури учун қазилган зовурга тушиб, тупроқ босиб қолиши ортидан иш берувчи жиноий жавобгарликка тортилди. Волгоград вилояти Тергов қўмитаси расмийсининг Озодликка маълум қилишича, марҳумнинг жасади ватанига юборилган ва иш берувчи ширкат раҳбари ҳибсга олинган. Ҳодиса Волгоград вилояти Дубовск туманининг Оленье қишлоғи яқинида ўтган жума куни юз бергани хабар қилинди. Гувоҳларга кўра, қувур ётқизиш ишларига ёлланган ўзбекистонлик муҳожир, экскаватор ёрдамида траншея қазилганидан сўнг, чуқурлик юзини текислаш учун зовурга туширилган ва бир неча дақиқадан сўнг зовур ўпирилиб, муҳожир тупроқ остида қолган. Ҳодиса жойида бўлганлар ўпирилган тупроқ остидан муҳожирни чиқариб шифохонага юборишади, бироқ бир неча соатдан сўнг Ўзбекистон ватандоши Дубовск тумани касалхонасида жон таслим қилади. Волгоград вилояти Дубовск тумани Тергов қўмитасининг раҳбари Владимир Суровнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўзбекистон ватандошини ишга ёллаган шахсга нисбатан Россия Жиноят коддексининг 216- моддаси, 2- қисми “қурилиш, кон-қурилиш ишларида хавфсизлик қоидаларини бузиш” бўйича жиноий иш қўзғатилган. "Ҳақиқатан ҳам жиноий иш очилган. Ўзбекистон ватандоши 1977 йил туғилган, Хоразм вилоятидан. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда. Шу боис унинг исм-фамилиясини очиқлашга ҳаққимиз йўқ", деди Владимир Суров.

Похожие видео