Жамбилда ағанаган автобус ичида ўндан ошиқ ўзбек муҳожири бўлган HD

19.02.2015
Ўтган шанба куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳудудидан ўтувчи “Олма-Ота - Тошкент” трассасида содир бўлган автоҳалокатда 10 нафар йўловчи, жумладан, битта ёш бола нобуд бўлди, яна уч киши оғир жароҳатлар билан Приозёрск шаҳар марказий шифохонасига юборилди. Бу ҳодисага шахсан гувоҳ бўлган Озодлик манбасига кўра¸ автобус йўловчиларининг камида 15 нафари ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бўлган. 7 февраль куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидан ўтувчи “Олма-Ота - Тошкент” трассасининг 394-километрида “Vanhool” русумидаги йўловчи автобус ағдарилиб кетди. Жамбил вилояти Ички ишлар департаменти ходимаси ҳалокатнинг эрталабки соат 10 ларда содир бўлганини маълум қилди: - Дастлабки маълумотларга кўра, Жанубий-Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи Бегалаев Б.А. бошқарувидаги автобус Шимкент томон кетаётиб, музлаб қолган йўлда ағдарилиб кетган. Натижада 10 киши автоҳалокат жойида нобуд бўлган. Қолган йўловчиларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган, деди ўзини Алма деб таништирган матбуот хизмати вакиласи.

Похожие видео