Ўзбекистон янгиликлари! Нотариусда тўловлар энди электрон шаклда!
Адлия вазирлиги жорий йил 1 февралдан бошлаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш механизмини жорий этди. Унга кўра, эндиликда фуқаролар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида нотариал идораларга мурожаат этганда, давлат божи ва бошқа тўловларни мобиль телефонлар имкониятидан фойдаланган ҳолда тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Бу жараёнда QR кодлардан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд. Нотариал ҳаракатлар учун қанча бож тўланиши компьютер томонидан автоматик равишда шакллантирилади, тўлов квитанциялари алоҳида ёзилмайди, фуқароларга қулай ва тушунарли бўлиши учун ягона андозада тўлов квитанцияси жорий қилинади. Тўловлар банк кассалари ёки мобиль телефонлар орқали амалга оширилишидан қатъий назар, бу ҳақдаги маълумот “Нотариус” ахборот тизимида онлайн тарзда акс этади.