Оши-палов ЮНЕСКО маданий мерослар рўйхатига тожик таоми сифатида киритилди HD
Марказий Осиë халқларининг аксарияти учун анъанавий таом ҳисобланган оши-палов БМТ маданият идораси - ЮНЕСКО томонидан “номоддий маданий мерослар” тамсилий рўйхатига киритилди. Бу ҳақдаги қарор ЮНЕСКОнинг “Номоддий маданий меросни асраш” бўйича 1 декабрь куни Эфиопияда ўтказилган йиғилишида қабул қилинди. ЮНЕСКО расмий саҳифасида ëзилишича¸ тожик палови “номоддий маданий мерос” тамсилий рўйхатига бу йил киритилган 12 қадриятдан бири бўлган. Шу тариқа жорий ҳафтада ЮНЕСКО номоддий мероси 366 қадриятдан таркиб топди. Бу рўйхатдаги тожик палови (Оши-палов) “Тожикистон ижтимоий-маданий контекстидаги анъанавий таом” сифатида қайд қилинди. “Оши-палов (палов) Тожикистоннинг анъанавий таомидир. Бу емак мамлакат маданий меросининг бир қисми. Уни Тожикистонда “таомлар қироли” деб аташади. Бу емак гуруч¸ гўшт ва зираворлардан тайëрланади. Тожикистонда оши-паловнинг 200 хили бор¸” дейилади ЮНЕСКО қарорида. Жорий йил апрель ойида Тожикистон ҳукумати ЮНЕСКОга мурожаат қилиб¸ тожик паловини моддий бўлмаган маданий мерос қадрияти сифатида эътироф қилишни расман сўраган эди.