Ўзбек атласи ва адраси ЮНЕСКО рўйхатига кирди HD
Ўзбек атласи ва адрасини анъанавий тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг “инсоният номоддий маданий мероси" рўйхатига киритилди. Бу ҳақдаги қарор жамғарманинг Номоддий маданий меросни сақлаш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси Жанубий Кореяда 4-9 декабр кунлари ўтказган йиғинида олинди. Жанубий Кореянинг Жежу оролида бўлиб ўтган беш кунлик йиғинда атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилди. Атлас ва адрас тўқиш технологияси Ўзбекистон ҳудудида антик даврларда вужудга келгани ва Марғилон шаҳри ушбу ҳунармандчиликнинг маркази ҳисобланиши айтилади. Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази мутахассисларига кўра, эрамиздан аввалги 3 асрда Марғилон ҳунармандлари ипакли матоларни ишлаб чиқарган ва Осиёдан Европага қадар етказиб берган.