Украинанинг давлат тили тўғрисидаги қонуни кучга кирди HD

19.07.2019
Украинанинг давлат тили тўғрисидаги қонун 16 июлдан кучга кирди. Уни икки ой аввал ўшандаги президент Петро Порошенко лавозимидан кетаётиб тасдиқлаган эди. “Украин тилининг давлат тили эканини таъминлаш тўғрисида”ги қонунда украин тили “Украинадаги ягона расмий тил” деб эълон қилинди. Қонунда айтилишича, бошқа тилларни давлат тили сифатида жорий қилишга “уринишлар” “конституцион тузумни зўрлик билан ўзгартириш”га уриниш деб ҳисобланади. Янги қонунда “украин тилини жамоатчилик олдида камситиш”га Жиноят кодекси моддалари билан жазоланадиган жиноят деб қаралади. Унда давлат ва хусусий телекўрсатувлар учун меъёр белгиланди, унга кўра матбуотдаги матнларнинг ярми украин тилида бўлиши шарт. Украин тилини яхши билиш талаб этиладиган давлат хизматчилари рўйхатига президент, парламент спикери, шунингдек, депутатлар, вазирлар, давлат хавфсизлик хизмати раҳбари, бош прокурор Украина Миллий банки бошлиғи ва маҳаллий кенгаш аъзолари киритилди. Бундан сўнг украин тили расмий ҳужжатлар, суд ишларини юритиш, сайлов ва референдумлар, халқаро шартномалар ва меҳнат шартномалари учун мажбурий бўлади. Айни пайтда қонун бандлари хусусий суҳбатлар ёки диний маросимлар тилига дахл қилмайди.

Похожие видео