Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси коррупция жанжали ортидан истеъфо берди HD
Идрис Кадиркулов ёзма равишда эълон қилган расмий баёнотида Давлат рўйхатга олиш хизматидаги коррупция жанжали ва бу ташкилотдаги коррупцияга алоқаси борлиги тўғрисида турли хабарлар тарқатилгани ортидан истъефо берганини билдирди. “Миллий хавфсизлик қўмитаси Давлат рўйхатга олиш хизмати раҳбарларининг ноқонуний фаолияти юзасидан етарли далил-исботларга эга экани бир неча маротаба хабар қилинди. Шунга қарамай, бу воқеа жамоатчилик орасида қизғин бахс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, мен тергов ишларига тўсқинлик қилишим мумкинлиги тўғрисидаги фикрларни рад этиш мақсадида Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимидан истеъфо беришга қарор қилдим”, дейилади Идрис Кадиркулов баёнотида. Депутат махсус хизмат раҳбарини текшириш учун комиссия тузишни таклиф қилди Айни пайтда 15 май куни парламент депутати Дастан Бекешов Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг Давлат рўйхатга олиш хизматидаги коррупцияга алоқадорлиги тўғрисидаги иддаоларни текшириш учун махсус депутатлар комиссиясини ташкил этишни таклиф қилди. -Матбуотда Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ҳам бу ишларга алоқаси бор, деган хабарлар пайдо бўлди. Парламент бу маълумотларга муносабат билдириши лозим. Акс ҳолда халқ бизни тушунмайди. Шунинг учун комиссия тузиб, маълумотларни ўрганиб, жамоатчиликка ошкор этсак тўғри бўлади, - деди Бекешов. Парламент раиси Дастан Жумабеков комиссия тузилишига қарши эмаслигини билдирди. Мавзу тарихи Аввалроқ Давлат рўйхатга олиш хизмати раисининг ўринбосарлари Руслан Сарибаев, Данияр Бакчиев, «Инфоком» давлат ширкати раҳбари Талант Абдуллаев “коррупция” айблови билан қўлга олинган эди. Улар паспорт бланкаларини тайёрлаш бўйича ўтказилган тендерда ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Литва ширкатини қўллаб-қувватлаганликда ҳамда паспорт ишлаб чиқариш соҳасида коррупциявий схемаларни ташкил этганликда айбланмоқда. Мазкур жанжал ортидан давлат рўйхатга олиш хизматининг раиси Алина Шаикова ишдан бўшатилган.
Похожие видео
Показать еще