Ҳукуматга яқин манбалар: Ишдан олинган ДХХ раиси устидан жиноят иши очилган HD
11 февраль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод қилинган 53 яшар Ихтиёр Абдуллаев жиноят иши фигурантига айлангани тўғрисида Озодликка Ўзбекистон ҳукуматига яқин, бир-биридан мустақил учта манба иддао қилди. Айни пайтда Ўзбекистон президентининг Интернетдаги расмий саҳифасида Ихтиёр Абдуллаев соғлиги ёмонлашгани, бир йилда бўйин ва умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани ортидан лавозимидан озод қилингани билдирилди. Озодлик суҳбатлашган ва исми эфирда айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ “ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев айни ташкилотнинг ўнлаб ходимлари устидан жиноят иши очилиб қамоққа олингани ортидан ишдан бўшатилган”. Мулозимнинг айтишича¸ Ихтиёр Абдуллаев ҳозирча "иқтисодий жиноятларни содир қилганликда" гумонланмоқда. Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил икки нафар мулозимнинг билдиришича¸ Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) бўйича жорий йилнинг 8 февралида жиноят иши очилган. Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ бу жиноят иши январь ойида қамоққа олинган ДХХ ходимлари¸ хусусан ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов кўрсатмаларига асосланган.