Коммерсантъ: Тошкент Евросиё иқтисодий иттифоқидан кафолатларни талаб қилмоқда HD
Ўзбекистон ҳукумати Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиш ёки бўлмасликни муҳокама қилиш доирасида Россия ва иттифоққа аъзо бошқа давлатлардан ўз ишлаб чиқариш саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа соҳалари учун кафолатлар берилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда 11 ноябрь куни «Коммерсантъ» нашри Россия ҳукуматидаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди. Нашр манбасининг айтишича, айни пайтда “ Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши масаласида экспертлар ўртасидаги музокаралар жараёни ва секторал маслаҳатлашувлар бошланган”. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, Самарқандда 10-11 ноябрь куни ўтказилган “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси доирасида мазкур масалада матбуот учун ёпиқ бўлган махсус сессия ҳам ўтказилган. Унда Россия томонидан СНГ давлатлари бўйича учинчи департамент бошлиғи Александр Стерник, Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон томонидан эса Хавфсизлик кенгаши раиси Виктор Маҳмудов, Сенатнинг халқаро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси раиси Алишер Қурмонов, Ташқи ишлар вазирлиги бошқармаларининг бошлиқлари иштирок этганлар. “Москвада “Ъ”нинг дипломат бўлган суҳбатдошлари Тошкентдан тез орада Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисидаги ариза келиб тушишига умид қилинаётганини шаъма қилдилар. Энг оптимистик прогнозга қараганда, ариза шу йилнинг охиригача ёки 2020 йилда келиб тушади. Аммо бу масала бир неча йил муҳокама этилади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор”, деб ёзди нашр. Россиялик айрим экспертлар Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишида таваккаллар кўп эканига эътибор қаратмоқдалар.