ЕОИИда қарорни катта давлатлар қабул қилаяпти, кичиклар бўйсунаяпти - Қирғизистон Бош вазири HD
Қирғизистон ҳукумати Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибидаги йирик давлатлар ташкилот доирасидаги шартномаларни бузиб, кичик давлатларга зуғум ўтказаётганини танқид қилди. 5 февраль куни парламентда сўзлаган Бош вазир Муҳаммедқалий Абилғазиев бу ҳақда Қозоғистон Бош вазирига ҳам гапирганини алоҳида таъкидлади. Қирғизистон ЕОИИга 2015 йилда қўшилган эди. Бир қатор маҳаллий экспертлар Қирғизистон ЕОИИга қўшилганидан бери солиқ сифатида тушувчи маблағлар озайгани ва бирлашманинг умумий бозорига киришда қийинчиликлар кўп бўлаётганини айтиб келишади. "Катта ҳал қилади, қичик бўйсунади" Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедқалий Абилғазиев 5 февралда парламентда сўзлаган нутқида Евроосиё иқтисодий иттифоқидан норозилик билдирди: “Бу ерда “катта давлат ҳал қилади, кичик давлат бўйсунади”, деган принцип амал қилаяпти. “Менинг чегарамда менинг ҳуқуқим кўп”, деган муносабат бўляпти. Мен буни қозоқ бош вазири Маминга ҳам очиқ айтдим. Яхши натижалар ҳам бор, бироқ халққа тўсқинлик қилиш, пул жўнатмаларини озайтириш, кираётган маҳсулотларни қайта текшириш... Масалан, Европа иттифоқида барча қарорларни ҳамма мамлакатлар бажариши керак, бизда эса, қарор чиқариб, ўзимиз бажармаяпмиз, аксинча чегараларни очиш ўрнига тўсиб олишаяпти, - деди Абилғазиев. Қирғизистон ҳукумати бундан аввал ЕОИИ доирасидаги ҳамкори Қозоғистондан норозилигини бир неча марта билдирган эди. Чунки Қозоғистон ЕОИИ шартномаларига зид равишда чегараларни ёпиб қўйиши ёки қўшимча текширувлар жорий этиши ортидан чегарада Қирғизистондан юк олиб ўтаётган автомашиналар тиқилинчи пайдо бўлади.