Uzbek Бишкек Тошкент билан муносабатларни яхшилаш ҳаракатини бошлади HD
Қирғизистон Бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков Тошкентга янги тайинланган элчи Данияр Сидиқовни қабул қилар экан, унинг асосий вазифаси Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма берди. Сўнгги бир неча йил ичида икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўта ёмонлашиб, зиддиятли вазиятлар кўпайган эди. Бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистоннинг Ўзбекистонга тайинланган янги элчисини Тошкентга кузатаётиб, унга икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган аниқ кўрсатмаларни берди. Бу ҳақда Бош вазир маъмурияти хабар қилди. - Бош вазир Қирғизистон ва Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссия, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда бу комиссияларнинг навбатдаги учрашувини ўтказиш муҳим вазифа эканини таъкидлади, -деб билдирди Бош вазир матбуот котиби Чингиз Эсенгул ўғли. Данияр Сидиқов Тошкент ва Бишкек муносабатларида илиқлик пайдо бўлишига умид уйғонган бир пайтда элчиликка тайинланди. Шунинг учун ҳам Қирғизистон жамиятида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилмоқда.