Норвегиядан Тошкентга қайтгач қамалган муҳожирлар қийноққа солингани айтилмоқда HD
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Норвегиядаги меҳнат муҳожирлигидан Тошкентга қайтгач диний мотивлар ва Конституциявий тузимга тажовуз қилганликда айбланиб 12-13 йилга қамалган 6 йигитга нисбатан тергов давомида қўлланилган қийноқлар юзасидан тергов ўтказишни талаб қилмоқда. Тошкент вилоят жиноят ишлари суди 24 декабрь куни Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб, 2014 йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқовларнинг ҳар бирини 12 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилгани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган эди. Маҳбусларнинг яқинлари мазкур шахслар тергов жараёнида қийноқларга солинганини айтмоқда. -Мени хўжайиним суд залида “Мени оёғимга ургани учун мен кўрсатмаларга мажбур бўлиб қўл қўйиб бердим”, деб айтдилар. Мен ҳамма ёққа ёздим. Буларнинг ҳаммаси суд залида тасдиғини топди, лекин инобатга олинмади, -деди 12 йилга қамалган Шуҳрат Илҳомовнинг рафиқаси Дилноза Илҳомова.