Тошкент билан Анқара стратегик манфаатларни ҳимоялашда ўзаро ёрдамга таянишни мақсад қилмоқда

21.02.2020
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказмоқда. Кенгашни тузишга доир битим Тошкент-Анқара алоқаларининг янги босқичидан дарак ўлароқ тақдим қилинган эди. Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларида Туркиянинг ўрни ҳозирча унчалик йирик эмас. Томонлар ўртасидаги стратегик кенгаш доирасидаги дастлабки музокаралар бу борада қандай ўзгаришлар қилишини яқин вақт кўрсатади. Геосиёсий йўналишда Анқара устуворликни Яқин Шарқдаги вазиятга қаратган. Тошкент учун айни пайтда Хитой, Россия ва АҚШнинг минтақадаги рақобатида мувозанат сақлаб туриш муҳим бўлиб қолмоқда. Булардан қатъи назар Тошкент ва Анқара президентлар раислигида стратегик шериклик олий кенгашини ташкил этган. Томонлар стратегик манфаатларни ҳимоялашда ўзаро ёрдамга таянишни мақсад қилмоқда. Стратегик шериклик кенгаши ҳақидаги битим Туркия президенти Эрдўғоннинг Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида имзоланган эди. Орадан икки йил ўтиб, президентлар раислигидаги бу кенгашнинг дастлабки йиғилиши ўтказиляпти. Уч йил аввал президентликка келган Мирзиёев Туркияга иккинчи бор расмий сафар қилмоқда. Унинг дастлабки ташрифи 2017 йилда кузатилган эди. Бу вақт оралиғида томонлар ўртасидаги алоқалар бир қадар яқинлашди. Жумладан, халқаро миқёсда ҳам, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ҳам. Ўзбекистон ўтган йилга келиб, Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилди. Президентларнинг сўнгги учрашуви ҳам шу кенгашнинг ўтган йилги Боку саммити доирасида кузатилган эди. Ўзбекистоннинг бу ташкилотга қўшилиши Мирзиёев ва Эрдўғон ўртасида ўтказилган музокаралар натижаси деб ҳам кўрилади.

Похожие видео