Собиқ ректор: Ҳуқуқларим бузилгани тан олинган БМТ қарорини Ҳукумат эътиборга олмаяпти HD
Термиз давлат университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка айтишича, унинг аризаси юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2017 йил августида чиқарган хулосада унинг ҳуқуқлари бузилгани қайд этилган. Қўмита ўз хулосасида Халқаро фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактга аъзо давлат, яъни Ўзбекистон Аллақуловга ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларини тақдим этиши шартлигини белгилаган. Бироқ Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка айтишича, халқаро ташкилот хулосаси чиққанига қарийб бир йил бўлаётган эсада, унинг ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қилаётган барча мурожаатлари жавобсиз қолмоқда. Профессор Аллақуловнинг айтишича, уни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига арз қилишга Ўзбекистон судлари уни мутлақ оқлаганидан кейин ҳам ишга қайта тикланмагани сабаб бўлган. “Мени республиканинг 8 та шаҳар ва туманидаги 14 та суднинг 30 дан ортиқ судьяси 3 йил судлади. Судларнинг барчаси мени ҳақ деб, давлат ва унинг органларини ноҳақ, деб топди. Суд 2006 йил, 23 февралда менга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди. Бош прокуратура икки марта протест киритди. Лекин судлар протестларни рад этди. Ва 2007 йил, 5 июндан эътиборан оқлов ҳукми узил-кесил қонуний кучига кирди”.