Афғонистонда ёш аёл тошбўрон қилиб ўлдирилди HD

09.02.2020
Афғонистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқи комиссияси (МИҲК) бир афғон аёли тошбўрон қилиб ўлдирилгани акс этган видео бўйича тергов бошлаганини маълум қилди. Икки дақиқалик видеоклипда ерда қазилган чуқурга туширилган аёлни тошбўрон қилаётган бир гуруҳ эркаклар акс этган. Унда воқеага томошабин бўлиб турган кишиларнинг “Ур!” ва “Аллоҳ​ акбар!” деган қичқириқлари ҳамда аёлнинг бақиргани ва йиғиси эшитилади. МИҲК вакили “Озодлик” радиосига ушбу видео айнан қачон ва қаерда тасвирга олингани ва аёл нима учун ўлдирилганини аниқлашга ҳаракат қилаётганини айтди. “Толибон” ҳаракатининг иддао қилишича, 2015 йил октябридаги бу тошбўрон саҳнаси видеотасвирини “Озодлик” радиоси олдин ҳам олган, унда мамлакатнинг марказий қисмидаги Ғор вилоятида 19 яшар қиз зино қилишда гумонланиб ўлдирилган эди. “Толибон” вакили қизни ҳукуматни қўлловчи халқ қўшини қўмондони тошбўрон қилганини айтди. Бироқ маҳаллий ҳукумат вакиллари 2015 йилги қатлда “Толибон” ҳаракатини айблаган эди. Исми Рухшона экани айтилаётган жувон куёви билан никоҳдан олдин жинсий алоқа қилганликда айбланган. Фожиа Ғор вилояти маркази Фируз Кўҳ шаҳри чеккасидаги Ғалмин қишлоғида рўй берган. Аммо афғон журналистлари ва фаоллари илк марта 30 январда ижтимоий тармоқларга юкланган янги видеода бошқа воқеа - Ғор вилоятининг Тайвара туманида яқинда рўй берган воқеа тасвирланганини айтмоқда. Ғор Афғонистон марказидаги тоғли ва олис ҳудудда жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг қашшоқ ва беқарор жойларидан биридир. Вилоят ҳукуматининг ваколати деярли Фируз Кўҳ шаҳридан нарига ўтмайди. Ушбу вилоятда “Толибон” ва собиқ ҳарбий қўмондонлар бошчилигидаги бошқа ўнлаб ноқонуний қуролли гуруҳлар ин қуриб олган. Вилоят Афғонистон орқали қурол-яроғ ва наркотиклар ташишда асосий маршрут ҳисобланади.

Похожие видео