А.Мансур: Қуръон курслари ёши катта кишилар учун мўлжалланган HD
Мусулмонлар идораси раисининг 13 ноябрь куни имзолаган 113-сонли буйруғидан нусха Озодликка келиб тушди. Ҳужжатда шу йилнинг 1 декабридан бошлаб, Ўзбекистонда ишлаб турган 11та диний таълим муассасаси - ўрта-махсус таълим босқичига тенглаштирилган 9 та мадраса ва олий таълим босқичига тенглаштирилган 1 та мадраса, 1 та институт ва 1 та университет қошида пуллик ўқув курсларини очиш белгиланган. Курсларда "Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили"дан дарс берилади ва ўқув жараёни 6 ой давом этади. Курсларга тўлов миқдори эса 1 ярим миллион сўмдир. Диний идора раис ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурга кўра, бу курслар идорага йиллар давомида аҳолидан тушган сўровлар асосида ташкил қилинган ва уларда, асосан, ёши катталар ўқиши мумкин. - Ҳужжатда ўқишни истаганларнинг ёши кўрсатилмаган, аммо бу курслар ёши катта кишилар учун мўлжалланган. Ўзи бизга аҳолидан сўровлар тушган: "Ёшлигимизда шароит бўлмаган, диний илм олмаганмиз. Энди ёшимиз катта бўлиб қолган, мадрасаларда ўқий олмаймиз. Қаерда Қуръон ўқишни ўргансак бўлади?" деган саволлар бўларди. Мана ҳозир шу эҳтиёж қондирилди, курслар очилаяпти, - деди шайх Абдулазиз Мансур.