ЖЧ-2018: Россияга келаётган хорижликлар нималарни билиши керак? HD
2018 йил, 25 майдан хорижликларнинг Россия Федерациясига киришига оид янги тартиб жорий қилинди. Владимир Путиннинг шахсий кўрсатмасига биноан футбол бўйича Жаҳон Чемпинати финал ўйинлари ўтказиладиган Россиянинг 11 шаҳрида “махсус режим” жорий этилади. Бундай "режим" нималардан иборат? Озодлик саволларига Migranto.ru портали раҳбари, ҳуқуқ фаоли Светлана Саламова жавоб берди. Россия президенти Владимир Путин 2018 йил, 12 майда имзолаган 214- қарорга мувофиқ, энди чет элликларга қайдга туриш учун 3 сутка вақт берилади: “Регистрация” қоғозини фақат Ички ишлар бўлимлари ёки Кўп тармоқли марказларида (МФЦ) олиш мумкин. Шундай қилиб, илгари жорий қилинган “почта орқали вақтинчалик қайдга олиш” тартиби футбол бўйича финал ўйинлари ўтказиладиган шаҳарларда бекор қилинади. Илгарироқ Россия полицияси миграция қайдига туришга 1 сутка вақт берилиши тўғрисида ахборот тарқатган эди. "Чемпинат кунлари назорат кучайтирилади!" 26 май куни Москвада МДҲ давлатларидан келган хориж гражданлари учун ахборот-таълим хизматларини кўрсатувчи Migranto.ru портали ходимлари томонидан “Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати FIFA 2018: хориж гражданлари нималарни билиши керак” мавзусида махсус вебинар ўтказилди.