ЖЧ-2018: Кўп миллатли жамоаларнинг бошқаларидан фарқи нимада? HD
Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган аксар терма жамоада турли миллат вакилларини кўриш мумкин. Айниқса, Швейцария терма жамоаси этник таркиби хилма-хиллиги билан ном чиқарган. Швейцария терма жамоасидаги 23 ўйинчининг 14 нафари ёки мамлакат ташқарисида туғилган, ёки иммигрантлар фарзандларидир. Франция терма жамосининг 3/4 қисми мамлакатда яшаётган бошқа миллат вакилларидир. Бельгия жамосида 11, Англияникида 10, Германияникида эса 6 нафар бошқа миллатга мансуб бўлган ўйинчи бор. Аммо, Россияда Марказий Осиё давлатларидан ҳамда Украина ва Молдова каби бошқа ўлкалардан келган миллионлаб иммигрант бўлса-да, Россия терма жамоси аъзолари асосан этник рус эканлиги пайқамасликнинг иложи йўқ. Жамоада бир-икки нафар осетин ва бошқа Россияга кирувчи автоном республикада яшовчи миллат вакили бор холос. Россия фуқаролигини олган Марио Фернандез ва ота-онаси Беларусь ва Украинада туғилган ўйинчилардан ташқари рус терма жамоасида рус бўлмаган ўйинчи деярли йўқ. Москвада чоп этиладиган “Советский спорт” газетасининг АҚШдаги мухбири Слава Маламуд Озодлик билан суҳбатда: - Табиийки, Россия Собиқ Совет давлатларидан бошқа ўлкалардаги мигрантларни ўзига жалб қилмайди. Бундан ташқари, Россияда бор муҳожирларни жамиятга интеграция қилиш билан боғлиқ катта муаммолар бор. Шундай экан, миллий терма жамоа аксар Европа давлати жамоасидек этник таркиби жиҳатдан хилма-хил эмаслиги ҳайратланарли ҳол эмас, - деди.