“Ўзтрансгаз” газнинг кўп қисмини “Ўзбекэнерго” еб қўяётганини айтди HD
Йил охирига келиб мамлакатнинг бир қанча вилоятларида автомобилларга метан гази қуйиш шохобчаларида бир неча километрлик навбатлар пайдо бўлгани, ҳайдовчилар 5-6 соатдан навбат кутаётгани оддий ҳолга айланди. Озодликнинг 22 декабрь кунги мақоласида “Ўзтрансгаз” мулозими бу ҳолатни газ ишлаб чиқарувчи корхоналар етарли миқдорда газни етказиб беролмаётгани сабаб, қувурларда газ босими тушиб кетганлиги билан изоҳлаган эди. 29 декабрь куни “Ўзрансгаз” ҳиссадорлик компанияси бошқарма бошлиғи Эркабой Алиев, Газета.уз сайтига Ўзбекистон ички эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилаётган газнинг асосий миқдорини электр қуввати ишлаб чиқариш мақсадида “Ўзбекэнерго” еб қўяётганини айтди. Газета.уз га интервью берган Эркабой Алиевнинг айтишича, ҳаво совиб кетганлиги боис “Ўзбекэнерго”нинг газга талаби ҳам ортган: “Ҳавонинг бирданига совиб кетиши натижасида республика аҳолиси кўпроқ электр энергияси истеъмол қила бошлади. Бизнинг асосий истеъмолчимиз “Ўзбекэнерго” ҳам лимитдан юқори газга талаби ошди. Агар режа бўйича биз ҳар куни “Ўзбекэнерго”га 51 миллион кубометр газ етказиб беришимиз керак бўлса, айни кунларда бу кўрсаткич 52-53 миллион кубометрни ташкил қилмоқда. Совуқ тушиши сабаб электр энергиясига талаб кучайгани ва табиий газ босими резервларини қисқариши ҳисобига Фарғона водийсига газ етказиб бериш сусайди”.